TRAVEL LIVE
НИЯТНИНГ КУЧИ ВА ИХЛОС
Қадимда бир обид киши бор эди. У доим Аллоҳга ибодат қилар, аммо жуда камбағал яшарди. Бир куни у йўлда кетаётиб, улкан бир қум тепалигига кўзи тушди. Ўша вақтларда юртда қаттиқ очарчилик ҳукм сурар эди.
Обид ичида шундай деб ўйлади:
«Эҳ, қанийди шу қум тепалиги буғдой бўлса-ю, мен уни одамларга тарқатсам, ҳамма тўйса, ҳеч ким оч қолмаса...»
У бу гапни чин дилдан, афсус билан айтди ва йўлида давом этди. Шу кеча ўша даврнинг пайғамбарига Аллоҳ таолодан ваҳий келди:
— «Фалончи обиднинг ҳузурига бор ва унга Менинг саломимни етказ. Айтки, Аллоҳ сенинг ўша қум тепалигичалик буғдойни садақа қилганингни қабул қилди ва сенга гўёки ўша буғдойларни ҳақиқатда тарқатгандек ажру савоб ёзди!»
Обид бу хабарни эшитиб, ҳайратдан йиғлаб юборди. Унинг на буғдойи бор эди, на уни тарқатишга имкони. Лекин унинг холис нияти ва ихлоси Аллоҳ ҳузурида улкан амалга айланган эди.
Яхшилик қилиш учун доим ҳам бойлик ёки катта имконият шарт эмас. Баъзан чин дилдан қилинган гўзал ният, бандани амал қилганлар сафига қўшиб қўяди.
Бирорта яхшиликка имконингиз етмаяптими? Унда уни қилишни ният қилинг! Зеро, мўминнинг нияти унинг амалидан афзалдир.
Абу Юсуф