134 нафар фуқаро уйсиз қолди: адолат қаерда?
134 нафар фуқаро ўзининг йиллар давомида йиғган маблағини уй-жой харид қилиш учун тўлади. Бироқ бугунги кунга қадар уларнинг аксарияти на квартирага, на тўланган маблағига эга.
2026 йил 3 апрелдаги 1-1001-2506/778-сонли ҳукм билан Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича суди айбланувчиларни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми («фирибгарлик») бўйича оқлади. Шу билан бирга, суд уларнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 167-моддасига қайта квалификация қилиб, 11,26 миллиард сўм маблағ мақсадсиз сарфланганини эътироф этди ва ҳар бирига 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Энг муҳими, суд ушбу маблағни жабрланувчи фуқароларга эмас, балки «System Metall Stroy» МЧЖ фойдасига ундиришга қарор қилди.
Жабрланувчиларнинг мулк ҳуқуқини тан олиш ва зарарни ундириш ҳақидаги даъволари эса кўрилмасдан қолдирилиб, уларга фуқаролик судига мурожаат қилиш тавсия этилди.
Бу қарор жамоатчиликда бир қатор жиддий саволларни туғдирмоқда.
Агар суднинг ўзи маблағлар мақсадсиз сарфланганини, инвесторлар уйсиз қолганини ва уларга зарар етказилганини аниқлаган бўлса, нима учун улушдорлар билан тузилган шартномалар бўйича фирибгарлик аломатлари мавжуд эмас, деган хулосага келинди?
Нима учун 134 нафар фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари жиноят иши доирасида ҳимоя қилинмади?
Нега жабрланувчилар ўз ҳуқуқини тиклаш учун яна йиллаб фуқаролик судлари остонасида юришга мажбур қилинмоқда?
Конституцияда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги кафолатланган. Аммо мазкур ишда инвесторлар ўз маблағини ҳам, ўз уйини ҳам йўқотган ҳолда қолмоқда.
Энг ачинарлиси шундаки, қурилиш учун йиғилган маблағларнинг бир қисми мақсадсиз сарфлангани суд ҳукмида қайд этилган бўлса-да, уй сотиб олган фуқароларнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланмаган.
Албатта, суд қарорларига ҳуқуқий баҳо бериш ваколати юқори суд инстанцияларига тегишли. Шу боис ушбу иш бўйича барча умид апелляция инстанциясига қаратилган.
Жабрланувчиларнинг кутгани битта — қонун устуворлиги таъминланиши, мулк ҳуқуқи ҳақиқатан ҳам ҳимоя қилиниши ва 134 нафар фуқаронинг ҳуқуқларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилишидир.
Манба
Саволингизни: @yuristgamurojaat ga қолдиринг
👉 @yuristlar_maslahati 👈
11.5K ·