ChatCrawlerпоиск по публичному Telegram Открыть приложение
I

Import - Export - растаможка

сообщение · 2026-07-31 07:27 UTC
I
Давлат текшируви — 3 йил, тадбиркор ҳуқуқи — 15 кун? Рақамли ҳукумат деганда нимани тушунамиз? Солиқ тизимига киринг. Тадбиркор ўзининг тўлаган солиқлари, электрон ҳисобварақ-фактуралари, ҳисоботлари, шахсий карточкаси ва бошқа кўплаб маълумотларни йиллар давомида исталган вақтда бепул кўриши ва юклаб олиши мумкин. Ҳатто уларни Excel кўринишида ҳам экспорт қилиш имконияти мавжуд. Чунки бу маълумотлар тадбиркорнинг ўзига тегишли. Энди худди шу ҳолатни божхона тизими билан таққослайлик. Нега тадбиркор ўзининг божхона юк декларацияси, унга илова қилинган ҳужжатлари ва расмийлаштириш маълумотларини 15 кундан кейин эркин юклаб ололмайди? Ахир бу ҳужжатлар ҳам давлатнинг эмас, айнан тадбиркорнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва мулкига дахлдор бўлган расмий ҳужжатлардир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида давлат органлари ҳар кимга унинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилган. Божхона юк декларацияси ва унга илова қилинган ҳужжатлар айнан шундай ҳужжатлар ҳисобланади. Шундай экан, Вазирлар Маҳкамасининг 605-сон қарори билан ушбу имкониятнинг 15 кун билан чекланиши Конституцияда кафолатланган ҳуқуқнинг мазмунига қай даражада мос келади? Бу ҳуқуқий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиниши лозим бўлган масала. Қизиғи шундаки, қарорнинг ўзида ҳам мазкур маълумотларни 3 йил давомида сақлаш назарда тутилган. Фақат уларни олиш пуллик хизмат сифатида белгиланган. 2025 йил март ойида "Растаможка" каналида айнан шу муаммо кўтарилди. Орадан икки кун ўтиб Божхона қўмитаси "Экспорт ва импорт маълумотларини олиш" электрон хизматини ишга туширганини маълум қилди. Ваҳоланки, ушбу имкониятнинг ҳуқуқий асоси 2018 йилда қабул қилинган 605-сон қарордаёқ мавжуд эди. Шундай экан, етти йил давомида ишламаган хизматнинг айнан жамоатчилик муҳокамасидан кейин ишга тушиши тасодиф деб ҳисоблаш қийин. Айрим ислоҳотлар учун йиллар эмас, асосли танқиднинг ўзи кифоя экан. Шу ойда Сирдарёда ўтказилган Божхона қўмитасининг очиқ мулоқотида ҳам декларацияларни узоқроқ муддат давомида юклаб олиш имкониятини яратиш таклифи билдирилди. Шундан сўнг ed1.customs.uz ва ed2.customs.uz порталларида "Ҳисобот" функцияси пайдо бўлди. Бу ҳам ижобий ўзгариш сифатида қабул қилинди. Бироқ кутилмаган ҳолат юз берди. Очиқ мулоқотгача амалда тадбиркорлар декларацияларини тахминан икки ой давомида юклаб олиш имкониятига эга эдилар. Энди эса тизим 605-сон қарорга мувофиқлаштирилиб, ушбу муддат 15 кун қилиб белгиланган. Натижада тадбиркорлар томонидан кўтарилган масала амалда имкониятларни кенгайтириш ўрнига, мавжуд имкониятнинг қисқаришига сабаб бўлгандек таассурот уйғотмоқда. Бу эса, албатта, тадбиркорларда асосли эътирозларни келтириб чиқаради. Божхона кодексининг 201-моддасига мувофиқ, товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати ҳамда божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати тугаган пайтдан эътиборан уч йил ичида амалга оширилиши мумкин. Демак, давлат тадбиркорни уч йил давомида текшириш ҳуқуқига эга. Лекин тадбиркор ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни 15 кундан кейин эркин юклаб ололмайди. Бу мутаносиб ёндашув деб бўладими? Эҳтимол, бу чеклов серверларга ортиқча юклама тушмаслиги билан изоҳланар. Лекин бу асос бугунги рақамли ҳукумат шароитида ишонарли эмас. Солиқ органларининг ахборот тизимлари миллиардлаб ёзувларни сақлаб, тадбиркорларга исталган вақтда бепул тақдим этаётган бир пайтда, божхона декларацияларини уч йил давомида юклаб олиш имкониятини яратмасликни техник имконият билан изоҳлаш қийин. Ахир ушбу маълумотлар барибир давлат серверларида сақланади. Гап фақат тадбиркорга ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқини бериш ёки бермаслик ҳақида кетмоқда. Яна бир жиҳат бор. Божхона расмийлаштирувида тадбиркор божхона йиғимларини тўлайди. Кейин эса айнан ўзига тегишли ҳужжатларни олиш учун яна қўшимча ҳақ тўлаши назарда тутилган. Бу ҳақиқатан ҳам алоҳида хизматми ёки мавжуд маълумотдан фойдаланиш имконияти учун қўшимча тўловми? Бугун давлат идоралари рақамлаштириш, очиқлик ва тадбиркорларга қулайлик яратишни устувор вазифа сифатида белгиламоқда. Божхона тизими ҳам ушбу тамойилларга тўлиқ мос келиши керак. Ечим эса жуда оддий. Вазирлар Маҳкамасининг 605-сон қароридаги 37-банд қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорга ўзининг божхона юк декларациялари ва уларга илова қилинган ҳужжатларни камида Божхона кодексида белгиланган уч йиллик божхона назорати муддати давомида шахсий кабинети орқали бепул юклаб олиш имконияти яратилиши лозим. Бу ҳеч қандай имтиёз эмас. Бу тадбиркорнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқини амалда таъминлашдир. P.S. Танқиддан қўрқмаслик керак. Чунки кўтарилган ҳар бир асосли муаммо давлат органи фаолиятини қоралаш учун эмас, уни янада такомиллаштириш учун хизмат қилади. Энг муҳими, тадбиркорларнинг фикри натижасида имкониятлар қисқармаслиги, аксинча кенгайиши керак. Ана шунда очиқ мулоқотлар ҳам, жамоатчилик муҳокамалари ҳам ўзининг ҳақиқий самарасини беради. 🕊 @rastamojka_uz
13.5K ·

Вся лента · оригинал в Telegram

Открыть в Telegram Каталог площадок Искать в ChatCrawler

Слепок открытой публичной ленты из поискового индекса ChatCrawler — «Google по публичному Telegram»; обновляется по мере обхода площадки. Время — UTC.

Только публичный контент, официальный API Telegram. О проекте · Вопросы · Чего мы не делаем · Убрать страницу из выдачи · Каталог