"Вақтинчалик бошқара олади, лекин нега доимий раҳбар бўла олмайди?"
Мени кўпдан бери бир савол ўйлантиради. Агар бир инсонга республика ташкилотини вақтинчалик бошқариш ишониб топширилган бўлса, нега уни доимий раҳбар сифатида тасдиқлашга ишонч билдирилмайди?
Ахир вақтинчалик раҳбарлик — кадрни амалда синаб кўришнинг энг тўғри усули эмасми?
Агар у 6 ой, 1 йил ёки ундан ортиқ вақт давомида ташкилотни муаммосиз бошқарган, жамоани сақлаб қолган, ишлар барқарор давом этган бўлса, унда доимий тайинловга нима тўсқинлик қиляпти?
Вақтинчалик раҳбар сифатида муносиб, аммо доимий раҳбар сифатида нега муносиб эмас?
Афсуски, баъзан кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнларида натижадан кўра бошқа омиллар ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгандек таассурот уйғотади.
Ҳолбуки, давлат хизматида асосий мезон инсоннинг таниши эмас, натижаси бўлиши керак.
Энг ачинарлиси шундаки, бугун ташкилотни масъулият билан бошқариб турган инсон эртага янги раҳбар келгач, ҳатто аввалги лавозимидан ҳам айрилиб қолиши мумкин.
Шу ўринда бир таклиф. Менимча, республикада 6 ойдан ортиқ муддат давомида ташкилотларга вақтинчалик раҳбарлик қилиб келаётган раҳбарларнинг ягона рўйхатини шакллантириш, уларнинг фаолиятини холис баҳолаш ва муносиб номзодларни доимий лавозимларга тайинлаш масаласини кадрлар сиёсатига масъул раҳбарларимиз кўриб чиқишса, жуда тўғри қадам бўлар эди.
Бу нафақат адолатни таъминлайди, балки ҳалол меҳнат қилаётган раҳбарларни ҳам рағбатлантиради.
Кўплаб ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам вақтинчалик раҳбарлик даври кадрнинг бошқарув қобилиятини баҳолаш босқичи ҳисобланади. Натижа кўрсатган раҳбарга доимий ишонч билдирилади.
Давлат хизматида ҳам айнан шу тамойил устувор бўлиши керак эмасми? Бу саволларга масъуллардан жавоб бўладими?
@u_generalissimus