Ҳозир ичаётган сувингиз динозавр танасидан ҳам ўтган
Масалан, Т-Рекснинг ичидан. Гап шундаки: Ердаги сув ҳеч қачон йўқолмайди ва янгидан яратилмайди — у фақат ёпиқ циклда айналиб туради: океандан булутга, булутдан ёмғирга, дарёдан қон оқимига, сийдик пуфагига, ҳожатхонага. Шу боис сиз ичаётган сув ҳамманинг ичидан ўтган. У бир вақтлар вулқондан отилиб чиққан бўлиши, кейин музликка айланган ёки ғор деворидан 10 минг йил давомида томиб, мамонт оғзига тушган бўлиши мумкин. Ёки у бирор рим императори қўлидаги тилла қадаҳда турган, ёки Наполеоннинг ҳаммом сувидан ўтган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда у доимо айланишда бўлган.
Энди энг қизиғи — Ердаги ҳар бир сув томчиси олимлар “ёпиқ тизим” дейдиган жараённинг бир қисми. Бу дегани, биз ичаётган сув — миллиард йиллар аввал ҳам шу Ерда бўлган сувнинг айнан ўзи. Ҳудди шу H₂O биз кўра олмайдиган нарсаларни кўрган: пирамидалар устига ёмғир бўлиб ёғган, қутбларда муз бўлиб қотган, тропик ўрмонларда дарахт шохлари орасида кўтарилган, динозаврлар танасидан ўтган — ҳозир эса у сизинг ичингизда.