id 1229194818Файл
ШУКРУЛЛО (1921 – 2020), Ўзбекистон халқ шоири
Цензура йўқолди, Худога шукур,
Лекин қувонмоққа ҳали эртароқ.
Чунки қуёш чиқса соя йўқолур,
Соя солган асли қолади бироқ.
Сочилган тасбеҳга ўхшайди ҳаёт,
Ҳамма ўзига хон, ўз-ўзига бек.
Гўё эшикларга қулфу занжир ёт,
Аммо дард айтишга борар жойинг берк.
Айтган гапларингиз ҳаммаси тўғри,
Бундан одамларга наф ҳам тегади.
Гап шу ерда қолсин, менга ачининг,
Юқоридан менга гап ҳам тегади!..
ТЕАТР адабий-бадиий, ахборот-реклама журнали, 2024 йил, 3- сон, 11- саҳифа.
Асрор МЎМИН, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
САНЪАТ СОҲАСИНИНГ ҲАССОС ТОЛИБИ
Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов хотирасига
Алпқомат ва арслон овоз соҳиби,
Санъат соҳасининг ҳассос толиби,
Катта саҳналарнинг бўлмай ғолиби,
Толиб Каримов ҳам ўтди оламдан.
Бўй кўрсатди “Инсон садоқати”да,
Унда ҳам иккинчи роль сифатида,
Мақтанг-мақтаманг, у тарих қатида,
Толиб Каримов ҳам ўтди оламдан.
Садоқати учун сийлади санъат,
Тимсоллари элда қозонди шуҳрат,
Отабек, Отелло... бўлмади фақат,
Толиб Каримов ҳам ўтди оламдан.
Эсладик, ё сана, ё унвон сабаб,
Олқиш айтиб юрдик ўзимиз алдаб,
Ким драма ёзди у зотга атаб,
Толиб Каримов ҳам ўтди оламдан.
Энди чироқ ёқиб изланг кундузи,
Жилмайиб боқмайди чиройли юзи,
Кўкка учди саҳна буюк юлдузи,
Толиб Каримов ҳам ўтди оламдан.
ЖАМИЯТ газетаси, 2024 йил 10 апрель, 16 (887)- сон.
Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири
“ҚИРҚ ҲАДИС” туркумидан
Худо айтадики, Мен икки шерикнинг, агар бири иккинчисига хиёнат қилмаса, учинчисидурман. Агар хиёнат қилса, уларнинг ўрталаридан чиқиб кетаман.
ХУДО АЙТАДИКИ
Марду оқил бўлса, хушдил, хушрафтор,
Меҳру оқибатли, бўлса пок имон,
Хиёнат қилмаса бир-бировига,
Мен икки шерикнинг учинчисиман.
Агар аралашса бунда хиёнат,
Шубҳаларга борса бири биридан,
Ҳамроҳ бўлолмасман уларга бу он,
Мен чиқиб кетарман ўрталаридан.
Робиддин ИСҲОҚОВ ЎНҒОР НАФАСИ (Ғазаллар, фардлар, шеърлар, педагогик-фалсафий фикрлар). Бадиий муҳаррир: Бахтиёр Исҳоқов. “Наманган” нашриёти. – 2012. – 208 б.
Нодон билан қурганда суҳбат,
Дилга ботар экан қора тош.
Доно билан учрашган фурсат,
Юрагингга ботади қуёш,
Нодон сўзлаганда, таққослар доно,
Хизматингга қараб, баҳолар дунё. (41- бет).
Ҳол Муҳаммад ҲАСАН // “Адабиёт газетаси” 2019 йил 24 январь, 3 – 4 (20 – 21- сон), адади 5000 нусха. Маънавий-маърифий ва бадиий нашр. Бош муҳаррир: Баҳодир КАРИМ.
ЖАДИДЛАР ҚЎШИҒИ
Ботирлар кетди бир-бир,
Бир тўда қўрқоқ қолди.
На қалқон, найза, шамшир
Яроққа тирноқ қолди.
Ял-ял ёнарди ялов,
Ямлади, ютди олов,
Дастасин қилиб косов,
Қоп-қора ўчоқ қолди.
Қуюн ўйнаб сочар кул,
Қонли муштин қисар қўл,
Кафт оясин кесган мўл
Ўтмас бир пичоқ қолди.
Руҳлар кезар озод, ҳур,
Ой тўкади совуқ нур,
Чубирга дўниб айғир,
Уюрда тойчоқ қолди.
Бу қўрғонни ким қурган,
Дарёни ким терс бурган,
Ким қаерни ўпирган,
Гала мақтанчоқ қолди.
Эсиз ботир боболар,
Эсиз эрсиз момолар,
Ўсар орсиз болалар
Латта қўғирчоқ қолди.
Кимга ўйинчоқ қолди.
Беҳзод ФАЗЛИДДИН Сен қачон гуллайсан: (Шеърлар). Б. Фазлиддин; Масъул муҳаррир: Маҳмуд САЪДИЙ. – Тошкент: Mehridaryo, 2008 – 160 б.
Кўксим тўла оғриқ, бўғзим тўла оҳ,
Менинг ўзим – армон, ҳар сўзим – армон.
Энди жим яшамоқ умримга гуноҳ,
Ҳозир мен ёрилиб кетяпман, Осмон!
Жоним – азобларга чўмилган япроқ,
Умрим – зулматларда адашган зиё.
Сен мендан юз чандон бахтлисан, Тупроқ,
Мен Сендан юз чандон бахтлиман, Дунё.
Юрак эслатади ваъдаларимни,
Ялов бўлмоқчийдим, ўт бўлмоқчийдим.
Тақдирга тўнкамай зардаларимни
Ўзим бахт қизига юрт бўлмоқчийдим.
Сен берган имконлар беради далда,
Ҳалим умидим кўп ғиротларимдан.
Синиб кетмайдими изғиринларда,
Уялиб қолмайин қанотларимдан...
Булбуллар жўр бўлиб мени қутлайди
Санъатингдан олган санъатларимга.
Ҳали овозимдан дунё титрайди,
Худойим, инсоф бер журъатларимга! (15- бет).
2002